Сўнгги йилларда мамлакатимизда логопедия соҳасига қизиқиш ортди. Мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ҳамда хусусий марказларда логопедлар сони сезиларли кўпайди. Бу эса бежиз эмас – нутқи равон бола эртага жамиятда ўз ўрнини топа олади, билим олишда ҳам, ҳаётда ҳам муваффақият қозонади.
35 йилдан буён ушбу соҳада фаолият юритаётган тажрибали мутахассис – дефектолог, логопед, олигофренопедагог, “Юнусов логомаркази”да фаолият юритаётган Гулнора Юнусованинг фикрича, логопедлар шифокор эмас, балки ўқитувчи ҳисобланади. Улар бола нутқидаги нуқсонларни даволаш эмас, балки коррекция қилиш, яъни тўғри йўналтириш билан шуғулланади. Бу ишда эса эрта ташхис, ота-онанинг эътибори ва оиладаги соғлом муҳит ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Қуйида Гулнора Раҳимжон қизи билан мусоҳабамизни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
– Логопедия нима билан шуғулланади?
– Логопедия шифокорлик тармоғи эмас, балки педагогик йўналиш. Логопедлар нутқ нуқсонларини даволамайди, балки педагогик усул билан коррекция қилади.
– Логопедларнинг вазифаси нима?
– Улар болалар, ўсмирлар ва катталардаги нутқ муаммоларини бартараф этишга ёрдам беради. Хотира, тафаккур, диққатни ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшади.
– Нутқ нуқсонлари фақат товуш айтиш билан боғлиқми?
– Йўқ. “Р”, “С”, “Ш” каби ҳарфларнинг талаффузини тўғрилаш – логопедиянинг кичик қисми холос. Дудуқланиш, эшитиш муаммолари ёки руҳий ривожланиш нуқсонлари ҳам шу соҳанинг йўналишига киради.
– Логопед ўқитувчилардан нимаси билан фарқ қилади?
– Масалан, сурдопедагог эшитиш муаммоси бор болалар билан, олигофренопедагог ақлий ривожланиш муаммоси борлар билан, тифлопедагог кўриш нуқсони борлар билан ишлайди. Логопед эса асосан нутқни тўғрилаш билан шуғулланади.
– Нутқ қандай ривожланади?
– Тақлид асосида. Бола тўғри эшитса, сўзларни ҳам тўғри айтади. Агар нотўғри эшитса, нотўғри талаффуз қилади.
– Нутқнинг бузилишига қандай омиллар сабаб бўлади?
– Биринчидан, она қорнидаги ривожланиш жараёнидаги салбий омиллар – инфекция, шамоллаш, асаб бузилишлари таъсир қилади.Иккинчидан, боланинг кам мулоқот қилиши, онасининг унинг ўрнига ҳамма ишни қилиб қўйиши ҳам нутқни секинлаштиради. Руҳий жароҳатлар: қўрқиб кетиш, оиладаги жанжаллар ҳам нутқ ривожига салбий таъсир кўрсатади.Дудуқланиш кўпроқ ўғил болаларда учрайди, айрим ҳолларда ирсий йўл билан ҳам ўтади. Баъзи касалликлар, айниқса, инсульт каби ҳолатлар катталарда ҳам нутқ муаммоларини юзага келтиради.Нутқ бузилишини бартараф этишда логопед, руҳшунос ва шифокор ҳамкорликда ишлаши керак.
– Мутахассисларни қандай танлаш керак?
– Аввало, логопедия бўйича тўлиқ олий маълумотли мутахассисни танлаш жоиз. Илгарилари 5 йил, ҳозирда 4 йил университетда ўқиш орқали етук кадрлар тайёрланади. Ойлик курсларда ўқиб олган “мутахассис”ларга ишонмаслик керак. 3-4 ойлик курслар логопед тайёрлай олмайди. Ота-оналар кўпинча интернетда реклама қилаётган одамларга ишониб қолишмоқда, бу эса нотўғри. Соҳа мутахассисларини мунтазам аттестациядан ўтказиб туриш зарур. Аутизм ташҳисини логопед эмас, фақат психиатр қўя олади. Баъзи ҳолларда ташхис бир неча кунда, баъзида эса икки йиллик кузатувдан сўнг аниқланиши мумкин.
– Муаммоларнинг олдини олиш учун нималарга эътибор қаратиш лозим?
– Болаларнинг ривожланиши доим ота-оналарнинг кузатуви остида бўлиши керак. “Қўшнимнинг боласи 5 ёшда гапирган, акамнинг қизи 3 ёшда юрган, мен ҳам болалигимда дудуқланганман” каби мулоҳазаларни ҳар бир болага мослаштириб, умумлаштира олмаймиз. Ҳар бир бола алоҳида бир олам. Айниқса, оналар уларнинг ҳар бир ҳолатини, ташқи таъсирларга муносабатини ўрганиши, доим кузатиб бориши керак. Фарзандингизнинг қизиқишларига, ахлоқига, жамоада ўзини тутишига эътиборсиз бўлманг. Боланинг нутқига фақат унинг мактабга бораётганида эътибор берасизми? Унгача қаерда эдингиз, дегим келади. Болангизнинг порлоқ, истиқболли келажаги бугун сизнинг изланувчанлигингизга, соғломлаштириш устида олиб бораётган уринишларингизга, ҳаракатингизга боғлиқ, дейман.
– Болалар нутқидаги муаммоларни ҳал қилишдек машаққатли ишда ишларингизга муваффақиятлар тилаймиз.
Дарҳақиқат, бола нутқи – унинг фикрлаш ва шахс сифатида шаклланишининг асосий кўрсаткичи. Шу боис “Бола нутқи равон бўлсин!” деган ғоя бугун ҳар бир ота-она, ҳар бир устоз ва бутун жамият учун ҳаётий даъватдир.