26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Таълим – миллат келажагининг пойдевори

Ҳар қандай даврда тараққиётнинг бош мезони – сифатли таълим ва илмий салоҳиятни юксалтириш бўлиб келган. Замон ўзгариши ва янги технологиялар таъсирида таълим жараёни йил сайин янги босқичларга кўтарилмоқда. Ҳозир ҳам таълим соҳасида муҳим ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришлар даври давом этмоқда. Таълим бериш баробарида инсонийлик, масъулият ва ватанпарварликка эътибор кучайтирилмоқда.

2024-2025 ўқув йилида залворли ишлар амалга оширилди, янги ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилди. Энди эса 2025-2026 ўқув йилини алоҳида тайёргарлик билан бошлаш арафасида турибмиз.

Республика ва вилоят миқёсида ўтказилган анъанавий Август анжуманида таълим соҳасида эришилган ютуқлар ва камчиликлар муҳокама қилинди. Бу йиғилиш ўқитувчилар жамоаси учун янги руҳ, янги куч бағишлади. Унда асосий йўналишлар белгиланиб, устувор йўналишлар юзасидан аниқ вазифалар юклатилди.

Шулардан айримларига тўхталиб, соҳага оид янгиликларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Бола учун таълимнинг дастлабки босқичи – боғча. Шу боис, ҳар бир болага тенг имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг асосий йўналишидир. Шунингдек, ҳар бир боланинг хавфсизлиги ва ҳуқуқлари ҳам биринчи навбатда эътиборда бўлиши керак.

Вилоятимизда 2–6 ёшли болаларни мактабгача таълим қамрови кўрсаткичи 99 фоизга етди. Бу юртимиздаги энг юқори кўрсаткичлардан бири.

Вилоятда ҳозирги кунда 1438та болалар боғчалари фаолият юритмоқда. Шуларнинг 266таси – давлатники, 1127таси – хусусий, 2та махсус мактаб-боғча, 43та мактаб қошидаги кичик марказ ва 1та боғча-бошланғич мактаб мавжуд. Шунингдек, 500дан зиёд маслаҳат марказлари орқали ота-оналарга ёрдам кўрсатилмоқда.

 2024 йилдан жорий этилган ваучерли молиялаштириш тизими ўзини оқламоқда.

У орқали – ижтимоий адолат таъминланади, танлов эркинлигини яратади, рақобат кучаяди ва сифат ошади. Энг муҳим жиҳати, болаларни боғчага жойлаштиришдаги навбат масаласи ҳам босқичма-босқич бартараф этилмоқда.

Жорий йилда Туркистон вилоятида 48 мингдан зиёд бола 1-синфга қабул қилинди. Вилоятдаги 1 мингдан ортиқ давлат ва хусусий мактабларда жами 568 мингдан ортиқ ўқувчи таълим олмоқда. Шунингдек, 7336 нафар бола шартнома асосида мактабга олиб борилади. Узоқ қишлоқларда яшовчи ўқувчилар учун эса янги автобуслар харид қилинмоқда.

Болалар ва устозлар учун қулай шароитлар яратиш, уларни қишлоқ мактабларини шаҳар мактаблари билан тенглаштириш, уч навбатли ҳамда авария ҳолатидаги мактаблар муаммосини ҳал этиш мақсадида вилоятда қурилиш ишлари бир лаҳза ҳам тўхтамади. Вилоят ҳокими Нуралхан Ўралбайули бу жараёнларни шахсан назоратга олди.

“Келажак мактаблари” лойиҳаси доирасида ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Президент Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг “Мактабларни замонавийлаштириш” юзасидан барча топшириғи асосида уч йил давомида 115та таълим муассасаси тубдан таъмирланади. Жорий йилнинг ўзида 41 мактабда бундай ишлар амалга оширилмоқда, 59 мактаб эса жорий таъмирдан чиқди. Умуман олганда, вилоятдаги 100та мактаб замонавий қиёфа касб этади. Ёзги таътил пайтида болаларнинг ҳордиқ чиқариши ҳам самарали ташкил этилди. 5та давлат оромгоҳида таъмирлаш ишлари олиб борилди ва қўшимча модулли бинолар қурилди. “Алатау” ўқув-соғломлаштириш маркази йил давомида хизмат кўрсатадиган замонавий мажмуа сифатида фойдаланишга топширилди. Ёз давомида 43 мингдан ортиқ бола оромгоҳларда ҳордиқ чиқариб, вақтидан унумли фойдаланди.

“Ягона тарбия дастури” доирасида янги ўқув йилида ижодий, спорт, ҳарбий-ватанпарварлик йўналишларида 83та тадбир ташкил этилиши режалаштирилган. Турли танлов ва фестивалларга 52 мингдан зиёд ўқувчи жалб қилинади. Бу мақсад учун вилоят бюджети ҳисобидан 300 млн тенге йўналтирилган.

Вилоятда мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида 65 мингдан зиёд педагог меҳнат қилмоқда. Сўнгги 4 йил ичида уларнинг маоши икки баравар ошди, 500 мингдан ортиқ ўқитувчига қўшимча ҳақ тўланмоқда. Янги ўқув йилидан педагогика йўналишида таҳсил олаётган талабаларнинг стипендияси 84 минг тенгега кўпаяди.

Президент Қасим-Жўмарт Тўқаев Август анжуманидаги маърузасида, шундай деди: “Сизлар ҳар куни матонатли меҳнатингиз билан мамлакат тараққиётига беқиёс ҳисса қўшмоқдасизлар. Ёш қалбларга билим уруғини сепиб, заковатли авлодни тарбиялаяпсизлар. Халқимизнинг маънавий қудрати айнан сизларнинг меҳнатингиз билан мустаҳкамланмоқда”.

Шу билан бирга, Давлат раҳбари мактабдан ташқари юз берган ҳолатлар учун ўқитувчилар эмас, балки ота-оналар масъул эканини таъкидлади. Бу ўринда Маориф вазирлигининг ўқитувчилар ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган ташаббуслари қўллаб-қувватланди.

Ўтган йили “Мақсадли мактаблар” сони 162тани ташкил этган эди. Самарадорликни баҳолаш учун махсус KPI кўрсаткичлари жорий этилди. Шу мактаблардаги 8 мингга яқин ўқитувчи “Педагогик маҳорат маркази”да махсус курсларни тамомлади ва натижалар ўз самарасини кўрсата бошлади. 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб мазкур мактаблар сони қисқариб, 125тани ташкил қилди.

Ҳозирда таълим йўналишида амалга оширилаётган ишлар янги босқичга чиқмоқда. Бунинг асосий сабаби яқинда “Өрлеу” малака ошириш миллий марказининг вилоят филиали ишга туширилгани. Энди педагоглар учун тажриба алмашиш, билимини ошириш имконияти янада кенгайди. Шу вақтга қадар вилоятда махсус биносига эга “Ўқитувчилар уйи” мавжуд эмас эди. 

Юсуф Хос Ҳожиб: “Кўрганингдан, билганингдан ошма, борига қаноат қил, йўқни излама – бундай йўл фикр таназзулидир”, деб бежиз айтмаган. Академик Қаниш Сатпаев эса: “Билимингни меҳнат ва ҳаётнинг ўзида тоблаб бор! Шундагина билим деб аталмиш гавҳар ҳеч қачон зангламай, доимо ёрқинлиги билан таралиб туради”, деб таъкидлаган.

2025 йилнинг ўзида вилоят бўйича 11500 нафар ўқитувчи малака ошириш курсларига қамраб олинади. Болалар хавфсизлиги ва ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласи энг устувор йўналиш бўлиб қолмоқда. Бу борада жисмоний, техник, руҳий, тиббий ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам кўриляпти.

Барча таълим муассасалари видеокузатув камералари билан жиҳозланди, турникетлар ўрнатилди, қўриқчи ва хавфсизлик тугмалари билан таъминланди. Хусусий болалар боғчалари полиция бошқармасининг “Тезкор бошқарув маркази”га уланмоқда. Бироқ айрим иморатларда оптик толали интернет тармоғининг етишмаслиги ва «IP VPN» каналлари мавжуд эмаслиги сабабли бу жараён тўлиқ амалга оширилмаган. Вилоят таълим ва рақамлаштириш бошқармалари, Полиция департаменти ҳамда алоқа операторлари ўзаро ҳамкорликда уч томонлама режани босқичма-босқич амалга оширмоқда.

Болаларни таҳдид, зўравонлик ва таъмагирликдан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан ҳам кенг қамровли иш талаб этилмоқда. Илгари бундай вазифа фақат мутасадди мутахассис зиммасига юклатилган бўлса, энди бу ишларни янги ташкил этилган вилоят “Руҳий қўллаб-қувватлаш маркази” амалга оширади. Мазкур марказга 62та штат ажратилди. Мутахассислар болаларнинг руҳий ҳолатини кузатиб, зарур ёрдам кўрсатмоқда.

Марказ иш бошлаганидан буён 1300 нафар ота-она, 1700 нафар педагог ва 130 нафар бола билан маслаҳат ўтказилди. Ҳозирги кунда ҳудудда 1800 нафар педагог-психолог фаолият юритаётган бўлса-да, мактаблардаги ўқувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда яна 86 нафар кадрга эҳтиёж борлиги аниқланди. Масалани ҳал этиш йўллари кўриб чиқилмоқда. Бугунги кунда вилоятдаги 50та коллеж меҳнат бозори талабига жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлашга асосий эътибор қаратмоқда. Жорий йилда техник ва касб-ҳунар таълими учун 15500та давлат гранти ажратилди. Шунинг 9500дан ортиғи ишчи касбларига йўналтирилди.

Шунингдек, агрокимё, темир йўл, энергетика, лифт хўжалиги ва ахборот хавфсизлиги йўналишларида 6та янги мутахассислик очилди.Ётоқхона масаласи ҳам доимий назоратда. Хусусан, Сўзоқ туманидаги 1-сонли коллеж учун 120 ўринли ётоқхона қурилишига 718 млн тенге ажратилди, иморат келаси йили фойдаланишга топширилади.

Талабалар назарияни амалиёт билан уйғунлаштириш учун бизнес лойиҳалари йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, дуал таълим асосида 113 нафар талаба ишлаб чиқариш корхоналарида тажриба ўтамоқда. Бундай тажрибалар “Самрұқ-Қазына” таркибидаги “ҚазАтомПром” миллий компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. 

Ишчи касбларни кенг тарғиб этиш мақсадида турли бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкил қилинмоқда.

Йилнинг энг катта янгилиги – Туркистонда “Woosong University Kazakhstan” халқаро университети фаолияти йўлга қўйилди.

2024-2025 ўқув йилида ўрдабошилик Жанибек Абилхан миллий тест синовида 140 балл тўплаб, рекорд ўрнатди. Бу йил ҳам битирувчилардан юқори натижалар кутилаяпти.

Таълим соҳасидаги ислоҳотлар – жамиятнинг маънавий-маърифий пойдевори ва ёшлар келажагига йўналтириладиган қимматли сармоядир.

“Ўқиган эл – ўзади”, деганларидек, юртимизда илмли, етук мутахассисларимиз кўп бўлсин!

Бейсенбай ТАЖИБАЕВ, Туркистон вилояти ҳокимининг ўринбосари, 2025-09-04, 03:33 253
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.